СОВҒА- ПОРА
Одамзод жуда қизиқ бўлади. Бир нарсани эплай олмаса, умрбод эплай олмайди.
Менда ҳам икки-учта нарса бор-ки, ҳеч қўлимдан келмайди. Биринчиси, Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асарларини охиригача ўқиб тугата олмайман.. Мен уларни роса қириқ йил олдин бошлаганман. Юз марта қўлимга олганман. Яқинда, интернетда Лондонлик олимлар дунёда энг ўқилиши қийин китоблар қаторига бу иккитасини ҳам қўшганини эшитиб, ўқимасам бўларкан, деб ўзимни енгил ҳис қилдим.
Бажаролмайдиган нарсаларимнинг яна бири - бировга пора беролмайман ва бировдан пора ололмайман, тўғриси олгим келмайди, пул деб обруйимни тўкким келмайди. Анча йил мен ишлаган Тошкент фармацевтика институтида академик Саъдулла Искандаров ректорлик қилди.Институт тарихида бундай кучли раҳбар битта бўлган бўлса керак. Бу албатта менинг шахсий фикрим.( Хоразимлик бўлгани учундир тепадагиларга ёқмай қолди шекилли бўшаб кетди.) Бир куни катта танаффузда мажлис бор эди, мен дарсдан чиқиб боргунча бошланиб қуйибди. Эшикдан киришимни биламан (у киши кечикканларни ёмон кўрарди,ҳар жойда интизом бўлсин, дер эди) “Йўқ, сиз кетаверинг” деди, бошқа гапи қулоғимга кирмади. Қандай шошиб кирган бўлсам, шундай шошиб чиқиб кетдим. Кафедра мудири бўлсаму, шунча талаба, шунча домлалар олдида мени киргизмаса, деб жуда изза бўлдим. Мажлис ҳали бошланмаган, лекин ректор бошламоқчи бўлиб, энди ўрнидан тураётган эди. Кейин билсам мажлис порахўрлар ҳақида бўлиб, ректор менга, сизга таълуқли эмас, деган экан. Чиқиб кетганимда эса “бундай тозза, пок инсонларнинг олдида бугунги мавзуни гапириш уят” деган эканлар.
Пора-совғани беришга келганда, айрим вақтлари бергим келган, лекин эплай олмаганман. Катта ўғлим Одилжон бир ёшга кирганда боғчага жойламоқчи бўлдик. Мен ишга тушиб кетганман.
Булунғурдан Жиззаҳга қарри қайнотам Исоқжон Жўрабоевни бир ҳафта, болани боғчага жойлагунча, қараб туринг деб олиб келгандик. Ота қайтиб кетиб бўлдиям, болани боғчага олмайди, жой йўқ дейди. Замира деган бир танишим, мудирага бирон совға беринг, дарров олади, мен боламни шундай жойлаганман, деди. Совға ундан ўргилсин деб, ўша вақтлари ноёб ҳисобланган икки метр чиройлик кремплин материални газетага ўраб мудирнинг уйига равона бўлдим. Совғани берганимни биламан, менга мудира бақира кетди, дарвоза олдида “икки” баҳо олган ўқувчига ўхшаб бошимни хам қилиб туравердим. Унинг айтмаган гапи қолмади:
-Мен боғчада ишлайман, сизга ўхшаб инситутда эмас, сиз пора олиб ўрганиб қолгансиз-да, пора олиб келибсиз. Мен эса нарсага сотилмайман, сизга ўхшаганлар жамиятимизни бузади, болангизга жой йўқ, вассалом, жой бўлиб қолса ҳам, энди олмайман, - тўхтамасди у.
Кечирим сўраб, совғамни сумкамга тиқиб қайтиб кетганман.
Болани боғчага жойлаш яна ҳам мураккаблашди. Ўртага район, область ижроя комитетларининг раислари тушса ҳам, “мени ишдан олсаларинг олинглар, бу болани боғчага олмайман ёки поликлиниканинг бир хонасини боғчамга олиб беринглар, кейин болани оламан,” - деб жанжал кўтарди мудира. Боғча билан поликлиника бир бинода жойлашган бўлиб, докторларнинг ўзига хона етишмас эди.
Атрофимизда бошқа боғча йўқ. Ўғлимни қўшниларимдан илтимос қилиб, бир кун биттасиникида, иккинчи куни бошқасиникида қолдираман. Ўшанда биз Москва колхозида Шароф Рашидовнинг укаси Исомиддин амакиникида турар эдик. Уларнинг иккита ҳовлиси бўлиб, биттасини колхоз қуриб берган эди. Исомиддин амакиники қари бўлмаса ҳам, касаллиги туфайли ишламас, нафақага чиққан эдилар (икки йилдан кейин эллик олти ёшида оламдан кўз юмди, жойлари жаннатдан бўлсин). Бир куни боламни у кишига ташлаб ишга кетдим, келганимча анча қийналиб қолибдилар.
Мен уларга болани боғчага жойлай олмаётганимизни айтиб берсам, сўкиниб уйдан чиқиб кетдилар. Боғча мудириникига борибди.
Эртаси куни ўғлим Одилжонни боғчага олиб бордим.
Шундан кейин ишимни битириш учун ҳеч кимга бирон нарса олиб бормайдиган бўлгандим.
Кейин биз Москвага кетдик. “Рязанский проспект” метросидаги Ўзбекистон фанлар академиясининг меҳмонхонасида турар эдим. Ўзбекистонлик кўп аспирант ва стажёрлар ҳам шу ерда яшашарди. Улар уйига бориб келганларида тўлиб - тошиб узум, қовун, ҳар хил ўтлар олиб келишиб домлаларига совға қилишарди.
Бир сафар мен ҳам икки кило ҳусайин узумни туфлининг янги қутисига солиб раҳбарим Зимин Валентин Ильичга олиб келиб бердим. Қовун олиб келмадим, еб касал бўлиб қолишмасин деб. У олди; худога шукур, биринчи марта индамай раҳмат айтиб олган одамни учратдим, дедим ичимда.
В.И. Зимин жуда кучли олим, лекин жуда содда ва очиқ кўнгил одам. Бошлиғимиз уни ўзидан кучли бўлгани учун ҳам ҳар жойга қўшгиси келавермас эди. Унинг устига домламнинг бир “айби” бор экан - у уч марта уйланган. Охирги хотинидан иккита ўғли бўлиб, бу оиласи билан иноқ ва яхши яшаркан. Совет даврида уч марта уйланиш катта камчилик ҳисобланиб, билиб қолишса, бундай одамларни раҳбар лавозимига кўтармас эдилар. Уни уч марта уйланганини ҳамма билар эди, чунки унинг ўзи ҳаммага айтиб юрарди.
Тушликда раҳбарлар, аспирантлар, илмий ходимлар бирга ўтирар эдик. Ким нима олиб келса, столга қўярди. Ўша куни овқатланиб ўтирсак, раҳбарим икки қўлига мен олиб келган узумни бир бош- бир бошдан ушлаб, (ўзи икки бош эди) “Қаранглар бугун нима еймиз, Умида олиб келибди,” -деб ўртага қўйди.
“Э, содда қул-а, шугина узимни оиланг билан есанг бўлмасмиди?” - бошқалар олдида ноқулай аҳволга тушиб қолган бўлсам ҳам, ўйладим мен.
Раҳбаримга на байрамларда, на туғилган кунида бирон совға олиб бормадим. Узумни кўрсатгандек, олиб келган нарсамни ҳам кўрсатиб, мени уятга қолдиради деб қўрқдим.
Шу орада Брянск шаҳридан келган ўртоғим Надежда Истратованинг ҳимояси яқинлашиб қолди. Иккаламиз ГУМ, ЦУМ, Пассаж - умуман Москванинг магазинлари қолмай унинг домласига совға қидирдик. Кейин мен Надядан совға олиш шартми, деб сўрасам, шарт эмас-у, кетганимдан кейин совғамни кўриб, раҳбарим мени эслаб юради-да, деди. Мен ҳам ҳимояга чиқсам, кетишда раҳбаримга костюм- шим олиб бераман, деб ният қилиб қўйдим.
Ҳаш-паш дегунча шундай кун ҳам етиб келди. Тошкентдан турмуш ўртоғим Анвар Жўрабоев дўстлари рассом Рози Чориев, ёзувчи Нурали Қобул, республика ёшлар қомутасининг биринчи котиби Бозорбой Даулановлар билан, Самарқанддан онам Зайнаб Турсунова синглим Роза билан келишди.
Ҳимояни уч марта “ювдик.” Биринчиси – инситутимизда, аспирант Мирҳаким Азизов (ҳозир Тошкентдаги травматология ва ортопедия институтининг директори) зўр қилиб Андижонча палов пишириб берди. Торт,мева - чевани синглим олиб келди. Иккинчиси- меҳмонхонмаздаги ўн учинчи қаватимизда ўттиздан зиёд аспирант ва стажёрлар билан нишонладик. Буҳоролик Зоир Носиров икки қозонда димлама пишириб берди, учинчиси -Москвадаги “Ўзбекистон” ресторанида, бу ерда энди жуда кўпчилик бўлдик. Юқорида номлари тилга олинганлардан ташқари курсдошларимиз Юсуф Тиллоев хотини Дилором Қаюмова билан, Гулдона Қодирова, Жиззаҳлик олимлар Жовқон Лапасов, Нусратилла Сафаров, “Юность” журналининг бош муҳаррири, шоир Андрей Дементьев хотини билан, “Литературная газета”нинг маъсул котиби оиласи билан, умуман, анча киши бўлиб ўтирдик.
Эрасига турмуш ўртоғим билан қолган пулимизни санасак, домламга костюм- шим оламан деган юз сўмни ҳам ишлатиб юборибмиз. Зўрға иккаламиз эллик сўм тўпладик, кейин бу пулга нима олиш мумкинлигини ҳисоблай бошладик.
Мен домламнинг уйида бўлганимни, уларникида китоб ва китоб жавонларидан бошқа ҳеч нарса йўқлигини, ерда гилам у ёқда турсин, арзонроқ тўшанчи ҳам кўрмаганимни айтдим. Биз дуконга бориб уч метрга яқин дорожка олдик. Дўкондан тўғри домламнинг уйга келдик. Дорожкани кўтариб чиққан ҳўжайиним, уни эшикнинг олдига қўйди-да, метрода кутиб тураман, деб қочиб қолди. Мен эшикнинг қўнғироғини босдим. Анчадан кейин эшик очилиб, раҳбаримнинг хотини чиқди. Мени кўриб, саломлашди, ҳимоя билан табриклади, хужжатларни тайёрлаб бўлган- бўлмаганимни сўради. Валентин Ильич Ленинградга (Санкт- Петербургга) кетганини, нима учундир, ҳали қайтиб келмаганини айтди.
Мен ҳам яқинда кетишимни, ҳимояга чиқишимга ёрдам берганлари учун улардан миннадор эканлигимни, арзимаган совғани эсдалик қилиб олиб келганимни айтдим. У “совға” деган сўзини эшитиб, дарров ўзгариб қолди, “Йўқ, мен совғани олмайман, оғзаки раҳматингиз етади,”- деди у.
-Эсдалик бўлсин дедимда.
- Олиб кетинг, илтимос.
- Кўтара олмайман, олиб келишда эрим ёрдам берди - ю, учрашуви бор эди, қайтиб кетди.
- Мен эса олиб қололмайман, Валентин Ильич мени уришади.
- Умида қайтиб кўтариб кетолмаганидан ташлаб кетди денг, кейин эса тўшаб қўясиз, мени эслаб юрасизлар.
- Уйни йиғиштириш осон бўлсин деб, биз атайлаб тўшанчи солмаймиз. Мен олиб қололмайман, такси чақирамиз, иккаламиз кўтариб тушамиз, - ҳеч бўш келмасди домламнинг хотини.
Мен ҳам ундан қолишмасликка ҳаракат қилиб, барибир олиб кетмайман, ёқмаса ахлатга чиқариб ташланг,- дедим.
-Умида, қизиқ экансиз, қўшнилар мени жинни бўлиб қолибди деб ўйлашсинми? Янги нарсани ахлатга ташлаябди деб.
-Нима ҳоҳласангиз, ўзингиз биласиз, лекин мен қайтариб олиб кетмайман,- кетмоқчи бўламан.
-Ундайда келишиб олайлик, майли, ҳозирча мен мана бу жойга қўйиб тураман, сиз эртага биронта билан келиб олиб кетасиз, - кoридоридаги бурчакни кўрсатди у.
Шунисигаям шукур, деб хайирлашиб жўнаб қолдим. Сира ҳам олиб кетишга келмасман, ўйладим ичимда.
Сешанба куни институтга келдим. Ҳимоядан кейинги қоғоз ишларим ҳали тугамаган эди. Раҳбарим ҳам шу ерда юрибди. Аввалига унга кўринмасликка ҳаракат қилдим. Лекин у мени топиб олди, бироздан кейин менга бир варақ қоғоз тутди. Қарасам, комиссия магазинининг чек қоғози. Ўша вақтлари шунақа магазинлар мавжуд бўлиб, улар аҳолидан тутилган ёки янги нарсаларни арзонроққа олиб, сотилгандан кейин пулини берар эди. Домлам совғамни магазинга топширибди.
- Магазиндан бирон ҳафтадан кейин хабар олинг, пулингизни олиб кетасиз, - деди В.И. Зимин.
- Қандай хабар оламан, беш кундан кейин кетаман-ку, самoлётга билет олганман. Узримни айтиб қоғозни қайтариб бермоқчи бўлдим.
- Бу ёғини билмайман, сизни қийналмасин деб, ўзим бориб топшириб келдим. Бизга совғангиз - сизнинг ҳимоянгиз, агар бизни хафа қилмайин десангиз, буни олинг.
Қоғозни олдим. Бу сафар ҳам рози бўлиб бераётган нарсам ўзимга қайтиб келди. Етоқхонага келиб, мен билан турадиган Челаклик математик Нодира Маматовага (мен унга 25-мактабда ишлаганимда дарс берганман) магазиннинг чек қоғозини бердим.
- Вақтинг бўлганда бориб пулини олиб қўй, йўлинг тушиб Тошкентга келсанг, берарсан,- дедим.
Ёзда Нодира келиб пулни бериб кетди.
Мана шунақа гаплар...
Ҳозир замон бошқача, қаерга борсанг бирон нарса бер дейди. Мен бермайман, аввал беролмаганман, энди эса бергим келмайди.
Умида Турсунова
Umida Tursunova
No comments:
Post a Comment