АМЕРИКАЛИКНИНГ ИТИ

Совет даврида бир газетада "мен чет элнинг қамоғида яшагим келади"- деб ёзилган мақолани ўқиган эдим.Уларнинг қамоқларида тўрт марта овқат берилиб,хоналарида телевизор,телефон,яхши кроват,чойшаблари ҳар ҳафтада алмаштирилиб туриладиган кўрпа тўшак,дам олиш хоналари,спот заллар - умуман одам учун керак ҳамма нарсалари борлигини ёзган эди. Ундайда курортдан фарқи йўқ эканда ,ҳамма ҳам шундай шароитда яшагиси келади, деб ўйлаган эдим. Мақоланинг охирида бундай шароит чет элликларга ёқмайди, чунки бу ерда улар учун энг керак нарса - озодлик йўқ - деб ёзган эди Озодлик деб эса улар бошқа жойларга бора олишни, ихтиёри ўз қўлида бўлишни айтар экан
Мақола автори "Мен озодликда яшайман, лекин ҳоҳлаганимни қила олмайман, яшашим ҳам уларнинг махбусидан ёмон, шунинг учун ҳам мен уларнинг қамоқхонасида яшагим келади," - деб айтибди. Қамоқда шундай шароитлар яратилганини ўкиб, ўшанда ҳайрон қолдим, унча ишонгим ҳам келмади. Энди эса Англия, Италия, Канада АҚШ ва шу каби давлатларда ҳайрон қоладиган нарсалар ҳақида жуда кўп эшитаман, кўпини ўз кўзим билан кўрдим.
АҚШ да бир мексикалик танишим Марта деган аёл: "Мен Америкаликларнинг ити бўлгим келаябди, деган эди. Мен уни нима учун бундай деганини тушинмадим. Бир куни телевизорда бир итни докторга олиб келиб, тишларига пломба қўйишганини, бошқа тишларини тозалаганликлари кўрсатишаётган экан, Марта мени чақирди. Биргаликда томошо қилдик. Ўшанда итларнинг ҳам тишини "қурт ейиш"ини ёки тиши оғришини билибман. Ёшим шунчага кириб ҳайвонларни ҳам одамлардек касалликларга чалиниши ва уни даволаш кераклигини билмаганман.
Тўғри, бир марта мушугимиз уйга “йиғлаб” келганди, кимдир тепиб, иягини қийшайтириб юборибди,овқат емай бурчакда инқиллаб икки кун ётди.Раҳмим келиб мен уни ҳайвонлар докторига олиб бордим. Доктор битта укол қилиб (менимча оғриқ қолдирувчи) тиши ва жағига тегинмасдан, ўзи энди тузалиб кетади, деб бизга жавоб бериб юборган эди. Ростдан ҳам тезда тузалиб кетди.
Марта айтгандан кейин ҳайвонлар ҳақида эшиттиришлар берилганда доим кўришга ҳаракат қилар эдим. Америкаликларнинг ҳайвонлари касал бўлганда, госпиталларда даволашади. Биттасининг ити юрак касал бўлиб қолибди, катта пуллар тўлаб операция қилдирди. Товба, пулинг шунча кўп бўлса, бошқа нарсага ишлат, дейман аччиқланиб, ҳайвон ҳайвонда, одам эмас-ку? Қанча одамлар егани пул тополмайди, булар юз минглаб пулларни ҳайвонларига кеткизишади...
Бир аёлнинг ити рак бўлиб қолибди Телевизорнинг ҳамма каналларида Колифорниядан Канадага операция қилдириш учун боришини, ким, қайси госпиталда бу ишни амалга оширишини, итни олиб бориш учун қанча вақт кетишини кунига ахбарот бериб туришди. "Шунча пул, шунча вақт кетгазиш, шунча ташвиш керакми? Итини "ҳайвонларни оғриқсиз ўлдирадиган ташкилот”га топширсин,” –дейман, ҳанузгача бу нарсаларга ўргана олмай, ҳайрон қолиб.
Ҳамма шаҳарда бундай ташкилотлар тўлиб ётибди.
Яна шуниси қиззиқки,чет элларда ҳайвонлар учун алоҳида магазинлар бор ,катта супермаркетларда албатта ажратилган бўлимлар бўлади.Уларда ҳайвонлар учун овқатлар, кийимлар, ўйинчоқлар, шампун, совунлар сотилади. Бурга ва бошқа ҳашоратларга қарши яхши хушбўй ҳидлар қўшилган дихлофос башара химёвий тозалагичлар ҳам сотилади. Итга, мушукка, балиқ, сичқон, каламушига, қушига - умуман, уйда боқиладиган ҳайвонларга фақат дўконлардан сотиб олинган махсус овқатлар берилади.
Чехиядан келган Аннани итига овқатдан қолган суякларни бераётганини кўриб қолган қўшнилари полиция чақирган. Полиция унга, нима учун ўзингизган қолган овқатларни, берасиз, деб сўраганда, у ўзини инглизчани билмаслигини кўрсатиб, "Мен, сиз-одаммиз, бу-ит; ит суякни яхши кўради, магазиннинг овқатини ит ёмон кўради" - деган. Ноилож қолган полициячилар ”Илтимос бундан кейин магазиннинг "итлар учун" деган бўлимидан овқат олиб беринг" - деб кетишибди. Итларнинг овқати одамлар овқатидан қиммат.
Бизнинг пастимизда турадиган қўшнимиз итини кунига гапиришга ўргатар эди. Ит “мама”сўзини ўхшатса ҳам, бошқасини  айтишга қийналарди. Мен эса жаҳлим чиқиб "циркка топширадими ёки қиладиган иши йўқми,” деб ўйлардим. Ростдан ҳам қиладиган иши йўқ эди. Овқатни кўчадан еб келишарди, уйда емоқчи бўлса, пицца ёки бошқа нарса заказ қилади, уйга олиб келиб беришади. Кирни машина ювса, машина қуритса. Эрталаблари совуқ сут билан сириал (пакетларда тайёр сотиладиган печение ёки қотирмага ўхшаган нарса) еб кетаверади. Кофе ичаман деса сувни микроволнали печда иситиб кофенинг тайёр парошогидан, шакардан солиб ичиб кетаверади. Ёки чипси сифат нарсалардан олади. Итига эса ҳар хил "Педигри"га ўхшаган овқатлардан кўп-кўп олиб қўяди.
Чет элларда ҳайвонларга муносибат умуман бошқача. Кўчаларда ҳамма ҳайвонларни кўришингиз мумкин. Италияда каптарлар келиб елкангизга, қўлингизга қўнаверади. АҚШда олмахон, ўрдак, ғозларни бемалол юришини кўрганимизда биринчи кунлари ҳайрон қолдик. Бир ҳафтадан кейин ўрганиб қолиб, эътибор ҳам бермай қўйдик. Бир куни меҳмонхонанинг эшигига айиқ келиб қолибдиЎғлим Шоҳруҳ кечга томон уйга қайтаётса, йўлда учта бўри ўтирган экан. Бундай вақтлари дарров полицияга телефон қилинади. Улар ҳайвонларни ҳайдаб юборишади, лекин тегинишмайди. Ёки вақтинча ҳушидан кетказадиган дори отиб, хушидан кетгач, уларни ичкарироққа, ўрмон томонга олиб бориб қўяди. Чет элларда шаҳарнинг ўртасида ҳам ўрмонлар тўлиб ётибди Айрим вақтлари, кўчаларга кийиклар ҳам чиқиб қолади. Йўлдан ўтаётган бўлса, машиналар тўхтаб кийикларни ўтиб кетишини кутиб туради.
Ҳайвонларга тегиниш, қийнаш ёки озроқ бўлса ҳам зарар етказиш жамиятнинг қалоқлиги рамзи экан. Улар ҳайвонларни жуда эҳтиёт қилишади.
Энг қиззиқ нарса биров билан танишиб қолиб, оиласи ҳақида сўрасангиз, болаларига қўшиб ҳайвонларини ҳам айтади. Боласи йўқлар болам йўқ демай, нечта ити ёки мушуги, хомяк ёки сичқони, каламуши ёки бошқа ҳайвони ҳақида гапиради. Ишлаганлари биз болаларимизни эрталаб боғчага қуйиб кетгандай ҳайвонларини боғчага қўйиб кетишади Уйда зерикиб қолар эмиш. Боғчаларида ҳамма шароит мавжуд: телевизору, музикагача бор. Кирсангиз - болалар боғчаси, деб ўйлайсиз, гиламлар, кроватлар, ўйинчоқлар, ванна, туалетлар... Эгалари бирон жойга борса, ҳайвонларини ҳам бирга олиб юришади. Агар бирон ҳафта ёки кўпроққа кетишга тўғри келиб, ҳайвонларини олиб кетишга имконият бўлмай қолса, ҳайвонларини animals’ hotel “ҳайвонлар меҳмонхонаси”га топшириб кетишади. Бу ернинг шароити боғчасидан ҳам яхши бўлиб, одамлар учун қурилган меҳмонхонадан фарқ қилмайди. Ҳайвонлар меҳмонхонасини кўриб ёқамни ушлаб қолганман, лекин улар учун ишлаётган сартарошхоналарни, маникюр ва педикюр салонларини кўриб эса қотиб қолганман.
Америкадан кетишдан олдин ош қилиб ҳамма танишларимни чақирдим. Самарқандлик Акмал, Муҳиддин, андижонлик Дилфуза, америкалик қўшниларим-умуман йигирмага яқин дўстларим келишди. Мексикалик Марта ҳам келди. У меҳмонхонада ишларди. Бугун унинг кўриниши яхши. Тип (чойчақа) кўпроқ тушди, дейди. Бир хонасидан ўн беш доллар чиқибди. Бу хонада яшовчининг ити бор экан. Марта ҳамма чойшабу сочиқларни алмаштириб, гиламларни, диванларни чангютарда тозалаб қўйибди. Ити ўйинчоқлари ва конфетларни ҳамма жойга сочиб ташлабди. Ҳаммасини Марта яхшилаб йиғиштирибди. Шунинг учун эгаси миннатдорчилик билдириб пул ташлаб қўйибди. Америкаликлар ити учун ҳеч нарсани аямаслигини билган Марта, “Мен барибир америкаликларнинг ити бўлгим келади” - деди. Бу гапни у менга иккинчи марта айтаётган эди. Бу сафар мен уни жуда яхши тушиндим.
УМИДА ТУРСУНОВА
UMIDA TURSUNOVA

No comments: