SATURDAY, APRIL 7, 2007
ЎЧ
Қизини кўриб, Сожида Саттаровнанинг ранги оқариб кетди. Қизи лабини буриб “бўлмади” дегандек килиб, бошини чайқади, нозик бармоқларидан учтасини ажратиб унга кўрсатди.
-Уч?! - Бу нима деган гап, Сожида Саттаровна шу ерда ишласа-ю, қизи “уч” олиб ўтирса? Ҳамкасблари олдида нима деган одам бўлди? Нимага у кеча ўша аблаҳ билан учрашиб қизини имтиҳон топширишини айтиб қўймади? -афсусланиб уйлади у.
-Жуда қийин савол тушдими?-сўрайди Сожида Саттаровна .
-Йўқ.
-Бўлмаса нимага уч қўяди?
-Адашмай ҳамма саволларга жавоб бердим, фақат масаласида озроқ қийналдим.
Ундайда нимага тўрт қўймади?
-Тўрт қўйсам менинг ҳақим кетади, ўзингнинг баҳонгни - семиз учингни қўяман, - деб туриб олди, нимжонгина “тўрт” қўя қолинг, ойим “уч” олганимни эшитиб хафа бўладилар, шу вақтгача биронта “тўрт” ҳам олмаганман, десам,
-Ойинг хафа бўлишини билсанг яхши тайёрлансанг бўлмайдими, нега даданг эмас, ойиинг хафа бўларкан,- деб сўради. Ўшанда сизни айтдим.
-Сожида Саттаровнанинг қизи бўла туриб, учга тайёрландинг-ми, уят-эй - деди. Чиқиб келавердим.
"Нима, қизи олийгоҳни битириб физикадан дарс берармиди? Физикани ёқтирганда тиббиётга эмас университетгами, пединститутгами кирган бўларди. Ўзи тиббиётга физиканинг нима кераги бор? Унга Бозорбоевдай ректор учрамаганда"-уйлади Сожида Саттаровна баттар жаҳли чиқиб...
Бир вақтлари Сожида Саттаровна Жиззаҳда ишлаганида математика бўлимида ўқийдиган болага рус тилидан баҳо қўймаган. Унда Сожида энди олийгоҳни битириб келган эди, талабалардан режага мувофиқ қилиб жавоб беришини талаб қилар эди. У бола русча умуман тушунмас, дарсларни эса ёдлаб келарди. Тўхтатиб, савол берилса, адашиб қоларди. Шунинг учун ҳам Сожида Саттаровна унга зачет қўймаган. Ректор Бозорбоев уни чақириб, гапни узоқдан бошлаган, кейин нечта бола топширганини, нечтаси топшира олмаганини сўраган, яна бир ҳафта ичида улардан қайсиси топширишини, қайсиси кузга қолишини билиб олган. Сожида Саттаровна бир болани кузда ҳам топшира олмаслигини айтганда, кимлигини, қайси бўлимда ўқишини, қаерлик эканлигини яхшлаб сўраган. Сожида ҳар бир талаба билан таниш эканини кўрсатмоқчи бўлиб, унинг бошқа фанлардан, айниқса физика ва математикадан яхши ўқишини, лекин Баҳмалнинг узоқ тоғида яшаб, мактабда рус тили ўтмагани учун ҳеч нарса билмаслигини айтиб берди.
-Тўҳта, қайси бўлимдан дединг?- тикилиб сўради ундан ректор.
-Математикадан
-Битиргандан кейин у бола қаерда ишламоқчи?
-Қишлоғидада албатта, қаерда бўларди, - Сожида ҳам ўйланмасдан жавоб берди.
-Қайси фандан дарс бермоқчи у?- Майин жилмайиб сўради ректор.
Сожида ректорнинг нима демоқчи эканини дарров тушунди. Бозорбоев ҳеч қачон “бу болага қўй, бунга нимага қўймадинг,” - деб айтмас эди, лекин яхши ўқиган болани билмаган бир фани учун институтдан ҳайдалиб кетишига доим қарши бўлган…
Битта физкултура домласи ҳам ўша факултетида ўқийдиган болага зачёт қўймаган, у бола сакрашдан, югуришдан, умуман хеч нарсадан керакли нормаларни топширолмаган. “Топширолмасам нима қилай,” - деб, ўша талаба институтдан кетмоқчи бўлган. Буни эшитган ректор, болани чақиртириб “Ҳеч қаёққа кетмайсан, ўқийсан, майли битта спортсмен кам бўлса ҳам, битта кучли математикли бўламиз,” - деган. Физкултура домласини ҳам чақириб гаплашган. Kейин у домла ҳам зачёт қўйиб берган.
Яқинда Сожида ўша болани кўриб қолган эди. Математикадан номзодлик диссетацияини ёқлаб, илмий-текшириш институтида ишлаётган экан. Бу ерда ректорни тўғри ёки нотўғри қилди деб бўлмайди, лекин одамийлик томонидан тўғридир. Пушкин математикани умуман билмаган дейишади. Агар у бизнинг мактабларда ўқиганда, ўрта мактабни битирди деган гувоҳнома ҳам ололмаган бўларкан.
Сожида Саттаровнанинг қизи ҳам физикани яхши кўрмайди. Унинг яна аччиғи чиқди, ҳеч бўлмаса тўрт қўймабди-я? Эгамберди Қурбоновни ҳамма қизиқ одам дейишади. Унга лаборант ҳам, ректор ҳам, кунига бирга ишлайдиган касбдошлари ҳам бир эмиш. Унда на меҳр-муҳаббат, на хайриҳоҳлик бор дейишади. “Физика - фанларнинг отаси, унинг қонунларини билмаганлар яшамаса ҳам бўлаверади,” - дер экан бу “физик-шизик.” Талабалар уни орқадан ҳеч кимга эшиттирмасдан, шунақа дейишарди. Сожида Саттаровна ҳам бу ном унга қанчалик мос келишини яна бир бор ишонди.
Сожида Саттаровна нима қилишни билмай, майли, кейинги курсларингда деканнинг рухсати билан мудирга қайта топширарсан, бошқа фанлардан бўшашма фақат, деб қизини ҳам, ўзини ҳам тинчитди. Кейинги имтиҳон қайси фандан эканлигини, неча кундан кейинлигини, ким oлиишини аниқлаб, яхшилаб тайёрлан, - деб қўйди.
Сожида Саттаровна ҳам кунига чарчаб келади, ҳар куни имтиҳон олади, яна бир ҳафта аҳвол шу.
Бугун ҳам ишга эрта келди. Лаборант имтиҳон учун аудиторияни тайёрлаб, гурухларнинг журналлари-ю, имтиҳон билетларини чиқариб қўйибди. Ассистент (унга имтиҳон олишда ёрдам берувчи ўқитувчи) ҳам шу ерда эди. Имтиҳон бошланди.Талабалар навбатма-навбат киришар, имтиҳон саволларини олгач, ўтириб тайёрланишар, кейин жавоб бергани домлаларнинг олдига яна навбат билан келишарди.
Сожида Саттаровна қўлидаги зачёт дафтарчасини кўриб, қотиб қолди. Қайтар дунё деб шуни айтса керакда, бу дафтарча Қурбонова Дилором Эгамбердиевна деган талабаники экан. Фамилияси ҳам, отасининг исми ҳам физика домласига тўғри келади.
Қўлга тушаркан-у. Мана ўч олиш вақти келди.- Сожида Саттаровна яна бир зум ўйланиб қолди, балки унинг қизи эмасдир, бунақанги ҳоллар - исми фамилияси бир хиллар, институтда тез-тез учраб туради. Бир вақтлари ҳамма томонлама унга отдош булган Турапова Сожида Сатторовна деган қиз ўқиган, у ёнида ўтирган ўқитувчидан секин сўради. “Бу қиз менинг гуруҳимда ўқийди, аълочи, дадаси бизда физикадан дарс беради,” - деди. Демак бу қиз ўша чаппанининг қизи. Бу қизни худонинг ўзи унга етказди. Мободо шу гуруҳ икки кун олдин топширганда, Сожида Саттаровна ўчини ололмаган бўларди. Энди Сожида Саттаровна унинг кўзига кўрсатиб қўяди. У секин қизнинг ўтиришига назар ташлади: турқи қурсин одам ҳам шундай совуқ бўладими. Столининг устида бир варақ қоғоздан бошқа нарса йўқ. Имтиҳон билетини бурчакка суриб қўйган. Юмолоқдан келган башарасида жойлашган қош, бурун, лаб отасиники, фақат кўзида лупага ўхшаган кўзойнак йўқ. Агар унга ҳам шунақа кўзoйнак тақиб қўйилса, ўша физик-шизик ўтирибди дейсиз. Отасининг юзи умр бўйи қуёш тегмаган зах ерга ўхшайди. Қора билан тўқ кулранг ўртасидаги тушуниб бўлмас жирканч ранг. Қизи сал оқроқ, лекин кейинчалик отасидан баттар бўлиб кетиши кўриниб турибди.
Сожида Саттаровна унга ўч олиш қанақалигини кўрсатиб қўяди. Кеча келиб қизини имтиҳoн топширишини айтмади ҳам, юзи чидамаганда, унинг қизига “уч” қўйиб ўтириб, энди “мени қизимга беш қўйинг” деб сўрасин-ми? Сожида Саттаровна бу қизга “уч” эмас, “икки” қўяди. Бир шармандаси чиқсин унинг.-шундай дея Сожида Саттаровна ҳаёлий режалар туза бошлади. Эй-йўқ, “икки” қўйиб бўлмайди, чунки бундaй баҳо на қайдномага, на талабанинг қўлидаги зачёт дафтарчасига қўйилади. Кейинчалик декан, гуруҳ раҳбари, ҳаттоки ректор бу қиз Новоий стипендияси совриндори, илтимос қўйиб беринг, деб қолишлари мумкин. Ўшанда у тўрт ёки беш қўйиб беришга мажбур бўлади. Йўқ, Сожида Саттаровна нима қилишни жуда яхши билади, у “икки” қўймайди, “уч” қўяди. “Уч”ни тўғрилаш қийин, айниқса битирувчи курс талабаларига.
Қиз жавоб бериш учун столи устидаги варақни,саволларни, ручкасини олиб, Сожида Саттаровна ўтирган стол томон йўл олди. Унинг юришини кўриб, Сожида Саттаровнанинг кўз олдига лапанглаб юрадган физик - бу қизнинг отаси келди. Ё товба, ҳеч бўлмаса юриши ўхшамаса бўлмасмиди. Бунча гурсиллаб юрмаса. Қиз бола ҳам шундай юрадими, нақ полни тешиб юборай дейди-я.
“Хўш, қани, нима деган саволга жавоб бермоқчисан?”
Қиз саволлар ёзилган билетни унга суриб қўйиб, қoғозига қарамасдан биринчи саволни такрорлади.
Гапиравер, - деди у ясама юмошлик билaн, педагогик этикетни бузмасликка ҳаракат қилиб. Қиз гапларини бир-бирига боғлаб жавоб бера бoшлади. Унинг фикрлари равон,гаплари тетикина. Сожида Саттаровна унинг юзига қарамасдан, талабалар рўйхатига кўз югуртириб ўтирган бўлса ҳам, бутун фикри-зикри қизнинг жавобида эди, ҳар бир сўзни, ҳар бир қўшимчани ишлатишини эътибор билан тингларди. Биринчи савол тугагач, бошини кўтариб, жавоб тўғри бўлса ҳам, таллафузинг бўлмайди, русчани худди кеча ўргангандек гапирасан, вилоятлардан келганлар сендан яхши гапиради, ким aйтади сени шаҳарда яшайди,- деб, унга танбеҳ бермоқчи бўлади Сожида Саттаровна. Ёнида ўтирган ўқитувчи секин уни туртиб, қизни тумандан қатнашини айтади.
-”Ҳали шунақа денг? Қаердан қатнайсан?”- сўради жавоби имтиҳонга таълуқли эканлигини эслатиб Сожида Саттаровна . Қиз ҳам хатога йўл қўймаслик учун эҳиёткорлик билан жавоб берди.
Кейин у иккинчи саволга ўтишни сўради. Иккинчи савол яхши ўқувчилар учун қийин эмас. Берилган гапни синтактик ва грамматик таҳлил қилиш керак.Қиз аввал жумлани ўқиди, уни қўшма гап эканлигини айтиб, иккита мустақил содда гапдан тузилганлигини исботлади, кейин биринчи гапдан эга ва кесимларини топиб, қайси сўз туркуми билан ифодаланганлигни адашмасдан бирма-бир aйта кетди. Энди Сожида Саттаровна унинг жавобига эътибор бермай, бу қизни темир йўл вокзалига кeлишини, поездга ўтиришини, кейин поезддан Тошкентда тушишини, автобусга ўтириб интитутга келишини тассавур қилди. Сожида Саттаровна йўлга кетадиган вақтни чамалаб, санай кетди. Камида икки соат керак бўлар экан. Дарс эрталаб саккизда бошланади.Энди у ўзнинг қизи билан бу қизни таққослaшга тушди. Унинг қизи етти яримда зўрға туради, aйрим вақти кечроқ турса,овқатини емай чопади. Институт кўчанинг нарги томонида ,шунга ҳам кечикиб қолай дейди. Бу қиз эса кунига тумандан қатнаса, дарс тамом бўлгач, жамоат ишлари, учрашувлар, мажлислар, қўшимча дарслар... Нечида уйга борар экан?
Учинчи саволга ўтишдан аввал кун тaртибини яхшлаб айтиб беришни сўради у. Талаба ҳар куни кечкурин еттида уйга боришини, овқатланиб, бир-икки соат ойисига қарашишини, кейин кечаси ун иккигача дарс қилишини, эрталаб йигирма минути кам олтида уйдан чиқишини айтиб берди.
Қизига институт ҳовлисидаги ётоқхонадан жой олиб бергандир албатта, ҳар қалай у кунига қатнамас, айниқса қишда, қоронғи тез тушади, Сожида Саттаровна: ётоқхонада жойинг бордир,- деб сўради.
-Ётоқхона ҳозир фақат узоқ вилоятлардан келганларга берилади. Тошкент атрофидаги районлардан келувчиларга жой етишмайди-да, шунинг учун менга беришмаган, - жавоб беради қиз.
Сожида Саттаровна Жиззаҳдан кейин талабаларни қийнамасди, айниқса қишлоқлардан келганларни, бунинг устига шунча йиллик тажрибасидан ақиллилардан тиришқоқларни, ақлли - дангасаларни, билмасларни дарров ажратар эди. Бу қиз нафақат билимдон, жуда тиришқоқ ҳам эди. Сожида Саттаровна унга “уч” қўя олмайди, қўйса, виждони олдида нима деган одам бўлади.
Унинг жавобидан мамнун булган Сожида Саттаровна кейинги саволга ўтишни сўради. Бу сaвол бўйичa рус тилида ўқиган китобининг мазмунини қисқача сўзлаб бериш керак эди Бу топшириқни ҳам у ихчамгина чиройлик қилиб айтиб берди.Яна қандай китоблар ўқигансан?-қизиқиб сўради Сожида Саттаровна. “Домламиз берган рўйхатдаги ҳаммасини ўқиганман, бундан ташқари таржимиси бор китoбoларни ҳам ўқийман, уларни аввал ўзбекчасини ўқийман, кейин русчасиниўқиб чикаман, биз кичкиналигимиздан ҳеч ким билан русча гаплаша олмаганиз, қишлоғимизда биронта рус oиласи бўлмаган, туман мaрказида бор, лекин бизга анча узоқ. Шунинг учун рус тилига тайёрланишимга сал кўпроқ вақт кетади”, -икки юзи қизариб гапирди у. Сожида Саттаровна унга қаради: катта - катта қоп -қора кўзлари устидаги қуюқ киприклари сал тезроқ пиррилаб турарди. Сожида Саттаровнанинг у қизга раҳми келиб кетди, йўқ, ундай деса нотўғри бўлар, раҳми келиб кетди эмас, ҳаваси келди, бу қиз унга энди бошқача бўлиб кўринди, кани эди ҳамма талаба ҳам шунга ўхшаса, - деб ўйлаб қўйди.
Кўзлари, қошлари, киприклари бунча ўзига ярашмаса, одобини қаранг-а, ёқмитойлигичи? Духтирлик бунга жуда мос келади. Болa шўрлик ҳаммаси бўлиб беш ярим соатгина ухлар экан-а, унинг устига ўқитувчи берган рўйҳатдаги ҳамма китобларни ўқибди, вақтинг шунча кам экан, ким cени қўшимча адабиёни ўқимабcан деб, уришар эди, - ўйлади у.
“Тўғрисини айт менинг ўрнимда бўлганингда шундай жавобларга неча баҳо қўяр эдинг? Айтганингни қўяман”,-деди Сожида Саттаровна .Қиз жим бўлиб,кўзларини пастга олди, кейин “домла, ўзингиз биласиз, жавобимга қараб қўявериг, мен баҳо талашмайман” - деди. Бунча одобли бўлмаса, бошқа бўлганда “бeш” деб бақрайиб турган бўларди, – яна бир бор хаваси келди унинг.
“Балли қизим, мен сенга “беш” қўяман, отинг нима эди?“Дилором” деган жавобни эшитиб, отинг ҳам ўзингга мос экан, дилларга ором бериб ҳамиша бешга ўқиб юр,” - деб қоғозларни тез-тез тўлдириб, баҳолар дафтарчасини унинг қўлига берди. Қиз хурсанд бўлиб, раҳмат айтиб чиқиб кетди.
Сожида Саттаровна бир сесканиб ўзига келди. Нима қилиб қўйди? Бундан йигирма минут олдин олмоқчи бўлган қасди қаёққа кетди? Кўзойнак физикнинг қилган ишига жавоби шуми? Одам ҳам шунчалик бўш бўладими? Беш?!, Ҳаттоки тўрт ҳам қўймади-я. - Сожида Саттаровна ўзини койий кетди. Кейин ёнида ўтирган ўқитувчига “Қолганлардан ўзингиз олаверинг, фақат тезлатинг, вақтлироқ тугатайлик,” - деб чиқиб кетди. У хонасида энди ўзини овоз чиқариб уришарди, нима учун унинг қаердан келиши-ю, қандай тайёрланишини сўраб ўтирди? Талаффузинг ёмон, “уч” кетавер деса, олам гулистон эди. Қиз ҳам баҳога талашадиганлардан эмас экан, индамай кетаверарди. Сожида Саттаровна ҳам ўша Эгамбердидан боплаб қасдини олган бўларди. Нима бўлса ҳам унинг ҳеч нарсага қурби етмаслиги исботланди, на қаттиққўлликни, на бировдан ўч олишни бажаради. Эгамберди Қурбонов ҳам уни бир тийинга олмагани учун қизига тўрт ҳам қўймаган, - койирди у ўзини.
“Уч” қўй эди, борсин эди у отасига йиғлаб. Боласига ёмон баҳо қўйса, қанчалик алам қилишини ўшанда тушинарди бу аблаҳ. Йўқ, Сожида Саттаровна бу иши учун ўзини ҳечам кечирмайди. Қандай нодонлик... - унинг боши ғовлаб кетгандек эди, бутун вужуди бўшашиб, ўтирган жойида столига эгилди.
Эшик тақиллаб, шериги кирганда у кўзини очди, аввалига ўзини қаердадалигини тушунмай, “нима гап?”-деб сўради.
“Имтиҳонни тугатдим, битта талаба келмади, кеча болалик бўлибди, туғруқхонада дейишди, икки олганлар йўқ,учлар - ўн иккита, тўртлар - ўн битта, бешлар - олтита, қайдномани деканатга бериб келаман, мана бу ерларга сизнинг қўлингиз керак.” - деди. Сожида Саттаровна кeракли жойларга қўл қўйиб берди. Энди кетса бўлади. Эртага яна имтиҳони бор. Бугун қилиб қўйган иши яна эсига тушиб, Сожида Саттаровнанинг яна жаҳли чиқа бошлади, кейин сумкасини қўлига олиб, ташқарига чиқди.
“Ассалому алайкум Сожида Саттаровна, жуда чарчаган кўринасиз?”-фикрини бўлди баланд овозда гапирадиган, ўзини Сожида Саттаровна билан эски қадрдонлардек тутадиган физика домласи Тоштемиров. Сожида Саттаровна ҳам бу кишини ўзига яқин оларди, у Ленинградда ўқиган, жуда содда ва кўнгли очиқ одам. Имтиҳондан чиқиб келаётгани, бир иш қилиб қўйганини ва бу иш учун ўзини ҳеч кечира олмаётганини айтди. Сўнг бу домланинг Эгамберди Қурбонов билан бирга ишлагани ўйлаб, юрагидаги аламини унга айтишни лозим деб топди ва кеча Қурбонов қизига “уч” қўйганини, у эса ўч олиш ўрнига Қурбоновнинг қизига “беш” қўйиб қўйганини айтиб берди.
Тоштемиров шартта Сожида Саттаровнанинг қўлини ушлаб, маҳкам қисди-ю, “балли сизга, жуда катта савоб иш қилибсиз, раҳмат,” - деди хурсанд бўлиб. Сожида Саттаровна “раҳматни унинг отаси айтсин, нимага сиз айтсиз” - деб бироз ажабланган бўлди.
“У ҳўккиз ўлиб қолса айтмайди, - ҳеч ким эшитмасин деб Сожида Саттаровнага яқинроқ келиб пичирлаб гапирди Тоштемиров, чунки бу қизи ўқишга кирамоқчи бўлганда, бошқа институт қурибдими, мен ишлаётган институтга келма, сен учун бошқалар олдида бошимни эгиб илтимос қилиб юрмайман, - деб роса қаршилик қилган.” “Одам ҳам ўз боласига шундай дейдими?” - ҳайрон бўлди Сожида Саттаровна .
“Шу қиз иккига кирганда тўрт боласи билан хотинини ташлаб кетган одам бундан баттар гапни ҳам айтади, - давом этди Тоштемиров, менга оила керак эмас, илм билан шуғилланаман, деб уйидан чиқиб кетган, қайтиб бормаган. Хотини бечора яхши аёл экан, болаларини бир амаллаб катта қилиб олди. Уларнинг ҳаммаси одобли, ақлли чиқди. Бу қизи отасининг гапига қулоқ солмай, доктор бўлиши шартлигини, унинг ҳеч қандай ёрдамисиз ўқишини ўзи эплашини айтган ва шу институтга ўқишга кирган.”
Бир зумда Сожида Саттаровнанинг юрагидаги ғуборидан ҳеч нарса қолмади. Кўз олдига киприклари пиррилаб турган ниҳоятда гўзал, одобли қиз кеди-ю, “онасининг қизи эканда” деб жилмайиб қўйди. Қизининг “уч” олганини ҳам унутган Сожида Саттаровна ўзини енгил сезган ҳолда, қилган ишидан мамнун бўлиб, дадил қадамлар билан уйи томон йул олди.
Subscribe to: Post Comments (Atom)
No comments: