ЎЗИМ ҲАҚИМДА



  

                                                  УМИДА ТУРСУНОВА

   Тарихда янгиликлар асри ҳисобланган ХХ асрннг қоқ ярмида 1950 йили ўқитувчи оиласида туғилганман.Агар отам ҳозир тирик бўлганларида мажбурлаб "Отам эса камбағал қашшоқ деҳқон оиласидан бўлиб,инқилобгача ёзув -чизишни билмаган," жумлаларини қўштирган бўлар эди.
Бу жумлаларни мен отам автомобил тўқнашувида шаҳид бўлган кундан бошлаб, яъни 1977 йилнинг учинчи майидан бери ишлатмай қўйганман.Ўзи аввал ҳам ишлатгим келмас эди,отамнинг келажакда “одам бўлайин десанг, шу келиб чиқишингни унутма”, деганлари учун ҳамма жойда- пионерлар йиғинида, газеталарда, спорт ва бошқа нарсаларга бағишлаб ўтказилган анжуанларда албатта айтиб ўтар эдим.
   Уйга келгач, отамни саволга тутиб, инқилобда каттагина йигитча бўлгансиз-ку, ёзишни билмаган экансиз, ноҳатки чизишни ҳам билмагансиз? Қандай қилиб қисқа вақт ичида уч хил: араб, лотин, кирилл ёзувларида ўқишни, ёзишни, унинг устига дарс беришни тез ўргана қолдингиз?- дер эдим. Отам фақат “э биз кўрдик, сенлар кўрманглар,” деб жавоб берардилар.Бундай жавобни олавегач, айниқса каттароқ бўлганимдан кейин, отамдан бошқа бу саволларни сўрамай қўйганман, лекин
келиб чиқишимни институтга кирётганимда ҳам, институтни битириб, ишга борганда ҳам ёзишни давом эттирар эдим. Юқорида айтганимдек отамннг ўлимидан кейингина бу гапларни ишлатмай қўйдим.
   Бунга сабаб, аммамнинг азада “ Дарди ичида кетган акам,” деб йиғлаган сўзлари бўлди.Отам ёлғиз ўғлини ҳали уйлантирмаган бўлса, унинг устига иккита кичкина қизлари ҳали мактабда ўқишса, “армони ичида кетган” да , “дарди” эмас, ўйладим ўшанда мен.
  Отамнинг маракаларидан кейин аммам яна қирқ кун бизникида турган.Вақт топиб, отамнинг қандай дарди ичида кетди, десам, “Сен сўрама, мен айтмайин,” -деб кўзига ёш келди...
    Отам, Шакар Турсунов, асли Боғдонлик (ҳозирги Жиззах вилоятидаги Фориш райони) бўлиб, илмли оилада туғилган экан. Боболари катта муллаларидан бўлган. Уларнинг уйларида мактаб бўлиб, атрофдагиларннг саводини чиқаришда ҳисса қўшиб келаркан.Энг катта амакиси эса масжит қошидагиги ўқув масканида дарс берган,бу ерда ёш муллалар тайёрланар экан.Мактабларда ўқиганлар кўп пул тўлашмаса ҳам, ҳар жума оқшоми нон, гурунч, гўшт, буғдой, майиз, яхшироқ яшайдиганлар иштон-кўйлак,бўз, ёки тўн ҳам олиб келишар экан, ўқувчилар ҳовли ишларига ҳам қарашар экан.Узоқроқдан келган болалар уларникида ҳафтанинг охиригача қолиб ўкишаркан.
   1914 йилги Жиззах қўзғолонидан кейин оқподшо аскарлари қўзғалондан озроқ хабари бўлгаргача қириб ташлаган;тўққизта ака-укани, отамнинг отаси ва амакиларини эса тоққа чиқариб оттирган экан. Аёллар бола-чақаларини олиб қочиб Челакка келишган. Отам ўшанда12-13 ларга кирган бола бўлган. Челакда дастлаб улар жуда қийналишган,онасига ёрдам бериш,уйга нон топиш ниятида бойларнинг қўлига ишга борган.Оталарининг таниши бўлса ҳам, Жуманиллоҳбой отамни жуда қийнаб ишлатган.Унинг майда- чуйда ишларидан ташқари, ҳисоб- китобига ҳам отам ёрдам берган, кейин бойнинг болаларига,набираларига ўқишни, ёзишни ҳам отам ўргатар экан. Бой жуда хасис бўлганидан болаларини ўқишига эътибор бермас, муаллим ёллаш у ёқда турсин, уларни муаллимнинг уйига (мактабига) ҳам юбормас экан.
  Бу гапларни эшитиб отам ўттиз уч йил эмас болалигидан ўқитувчилик қилган эканда, деб ўйланиб қоламан .
     Октярь инқилобидан кейин советлар отамга ўхшаб илими борларни тўплаб, ўқитувчилар тайёрлаш бўлимларда қайта тайёрлаб, мактабларга ишга юборишган.Ўшанда отам ўзини диндор муллалар оиласидан чиққанини яшириб, фамилияни ҳам янгисини олган.
 Олманинг тагига олма тушади деганларидек отамнинг бошқа қариндошлари ҳам боболарининг изидан кетиб илм билан шуғилланиб келишган.Амаким Элбой Аҳмедов деярли умринингохиригача Фориш районидаги инернат мактабида директорлик қилиб, тарихдан дарс бериб келди, у Самарқанд Давлат Университетининг биринчи битирувчиларидан бўлган.Амакимнинг катта ўғли Тўлқин Аҳмедов Сирдарё, Жиззах вилоятларида раҳбар ходимлардан бўлиб келган. Кейинги ўғиллари Исламбек Аҳмедов Фориш районида раҳбар лавозимларда хизмат қилган. Улар ҳозир иккаласи ҳам нафақада.Улардан кичкина ўғиллари вилоят, республика ёшлар қумиталарда ишлаб келган.Мустақилликдан кейин Республика Солиқ вазирлиги фаолиятиннг пойдеворини қуришда фаол қатнашган иқтисодчилардан бири эди... Кейин бу иш мен ўйлагандек эмас экан, деб, ташлаб кетган. Ўзи, биз- қариндош –уруғлар, ҳаммамиз “Пора-совға” ҳикоямда ёзганимдек тўғри тарбияланган бўлиб, кўпларга ёрдам берсак берганмиз,пора олмаганмиз, ва ҳеч қачон бировга пора бермаганмиз. Бировнинг ҳақига, айниқса давлат мулкига, хиёнат қилмаслик ,ҳаттоки кўчада ётган нарсани олмаслик - биз учун оддий ҳол эди.
  Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонанг, кўчада пул ётганини кўрганимда ҳам, ҳозиргача бирон марта олмаганман.
  Амаким урушдан аввал Давлат органларининг бирида ишлаган экан. Уларга бир бойни тутиш вазифаси берилган.Уни амаким тутиб олибди.Хуржуниннг икки кўзи тилло билан тўлдирилган экан.Ўша кечаси хуржунни амаким уйга олиб келибди.Тиллоларни кўрган кеннойим Илмия(жуда босиқ ва ақлли аёл эди ,раҳматли) кемтик тишларини кўрсатиб- Аҳмедов, шулардан биттагинасини менга беринг, тиш қўйдирай,”- дебди. “Бундай гапни айтишга уялмайсанми, бу давлатнинг нарсаси бўлса, қандай қилиб бераман,” -деб биринчи марта уришиб берган экан.Бу уришиши охиргиси ҳам бўлган шекилли, кеннойим ҳеч қачон тиш ҳақида гапирмай, иш ҳақида гапирар, район кутубхонасини янги китоб ва жиҳозлар билан таминлаш билан банд бўлар экан.Ишдан келган вақтлари рўзғор ишлари, болаларнинг тарбияси...
Мактабни эндигин тугатган қизи автомобиль ҳалокатида нобуд бўлгандан кейин кеннойим айрилиқ дардига чидамай элликлар атрофида оламдан кўз юмди.
  Тилло воқеаси қариндошлар орасида энди тез-тез эсланадиган бўлди.Айрим вақтлари амаким кеннойимга тиллонинг биттагинасини бермаганига афсусланса ҳам, барибир тилло бизга тегишли эмасди-да, деб қўярди. Шунга ўхшаш воқеалар оиламизда жуда кўп бўлган.
  Бир куни отам, мен, синглим Самарқан шаҳридан Пойариққа автобусда келдик. Чипта олтмиш тийин турарди.Ҳаво жуда иссиқ. Зўрға уйга етиб келдик. Синглим иккаламиз бир пиёладан совуқ сув ичиб олиб, ўзимизни салқин уйга урдик.Отам қўлидаги сеткасини онамга бериб, яна қайтиб чиқиб кетди.Бироздан кейин қўлида ярим метрлик лентадек келадиган автобус чипталари билан кириб келди.. “Хайрият кетиб қолмабди, ҳали турган экан,”- деди хурсанд бўлиб.                 Автобусга пул тўлаш эсидан чиқиб қолган экан...
Сизни фикрингизни бундай гаплар билан бўлмасдан отамнинг уруғларининг илмга қизиқиши ҳақидаги гапимни давом эттираман.Форишлик Жавлоновлар деса уларни ҳам республикамизнинг ярими билар эди.Телмон акам Жавлонов аввал Самарқанд университетида кейин Жиззах педагогика институдида кўп йиллар кафедра мудири бўлиб ишлади.Укаси Октярь, биз у кишини Ўктам ака деймиз, Жавлонов республикада таниқли журналист.Самарқанд ва Жиззах вилоят газеталарида бош мухаррир бўлиб ишлган. Сирдарё вилоятида уста пахтакор катта бир совхознинг раҳбари машхур Азиз ака Эргашевни нафақат Ўзбекистонда, балки Москвада ҳам яхши билишарди.У ердан ва бошқа республикалардан келган қишлоқ ходимларини ёки раҳбар ходимларни Шароф Рашидов шахсан ўзи, намунали совхозимиз деб, Азиз акамизнинг совхозига олиб борарди.Бундай учрашувлар ва йиғинларда олинган суратларни тўплаб Азиз акамнинг ўзи чиройлик альбом қилиб қўйганини мен ҳам кўрганман.
Челакда яшаб қолган Ҳайитгул амамнинг ўғиллари ҳам таниқли олимлар. Катта ўғли Абдуғани Абдулқосимов узоқ йиллар маориф тизимида ишлаб район математика ўқитувчилари гурухига раҳбарлик қилиб келган.Кейинги ўғиллари Али Абдулқосимов Самарқанд Университетида иқтисодчи олим. Мактабларнинг 6-синфлари учун ёзилган “Табиий география” китобининг автори. Ислом (кафеда мудири) ва Абдурашид Абдулқосимовлар Тошкентдаги иқтисодиёт унивеситети олимлари.
Мана, улар ҳақида билганларим ҳозирча шу.
Отамнинг ўзи отаси ва амакилари тўғрисида умуман гапирмай, мен камбағал қашшоқ деҳқон оиласидан чиққанман, деб дарди ичида кетди, ҳаттоки отасининг оти Туроб зканлигини умр бўйи яшириб, отам Турсун деган одам бўлиб, чақолоғимда ўлиб кетган, дер эди. Менга эса бир мартагина,саккизинчи синфни битирганимда “Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома”м йўқолиб, янгисинида Шакарова Умида эмас Турсунова Умида Шакаровна деб беришганда , асли Туропова бўлишинг керак эди, деган эди.
Саккизинчини битиргунча мен Шакарова эдим.
Нима учун Туропова бўлишим кераклигини сабабини ҳам сўрамасдан, Сиз Турсуновсизку, мен ҳам Турсунова бўлишим керак, деганман.
Отам биз билан кўп гаплашмаган бўлса, онам доим кўп қизиқ нарсалар, ходисаларни айтиб берар эди. Навоий, Ҳамза, Сергей Есенин, Абдулла Қодирий, Насимий, Машраб ижодлари билан,халқ оғзаки ижоди: қўшиқ, эртак, топишмоқ мақоллар билан, айниқса, достонлар билан биринчи бўлиб таништирган ҳам онам бўлади. Шуннг учун бўлса керак, ёшлигимда “онам ҳам биз туғилганча ўқитувчи бўлган,”- деб ўйлар эдим. Онам боболарининг келиб чикишини яширмаса ҳам, асосан уларнинг раҳимдил, меҳрибон, меҳмондўст инсонлар бўлганини , халқ оғзаки ижоди билан қизиққанликларини хакида куп вокеалар айтиб берар эди. Кечқурунлар катта ҳовлида қариндошлар тўпланиб узоқ жойлардан чақирилган бахшилар,хабарчилар, қўшиқчилар, масхарабозлардан кўп ажиб нарсалар тинглашганларини отасидан эшитар экан, лекин бу хонадонда роҳат ҳамиша меҳнат орқасидан бўлиши авлоддан авлодга айтилиб келинаркан. Бой боласи кўп ухламадан, саҳардан туриб, ҳамма нарсасини кўриб чиқиши,мол-ҳолни санаб чиқариб, подачига топшириши, далада ишлайдиганларга кўриниб, тўғри топшириқлар бериши ва шу каби, ишларга кўз- қулоқ бўлиб юриши ўғил болаларга кичкиналигидан ўргатилар экан.
    Онам “Одам ўзининг етти авлодини билиш керак” дер эди, ўзи ота- боболарини Бўйдоқ бийдан бошлаб билади.
Бўйдоқ бий таҳминан 1780-1800 йилларда туғилган бўлиб, Самарқанд атрофидаги машхур бойлардан бўлган. Пахта, ипак, узум, полиз экинлари, мол-йилқичлик, асал, қуруқ мева, сопол идиш, катта-катта хумлар ишлаб чиқариш, пишиқ ғишт тайёрлаш билан шуғилланган. Унинг ерлари ҳозирги Пойариқ районининг марказига етмасдан оқиб ўтадиган Қорасув ариғининг ўнг томонидан, Қирқовулдан нарига чўзилиб кетган жойларни ташкил этган. Бошчўраш, Болғали, Қарабдол деган томонларда ҳам ерлари бўлиб, молларини ўша томонларда ҳам боқтирар экан. Ҳозир Бўйдоқ бийнинг энг яқин авлодлари Паскиовул қишлоғида тўп бўлиб яшайди.Бошқалари республикамизнинг Тошкент, Жиззаҳ, Сирдарё томонларида ҳам бор.
Бўйдоқ бийнинг Ёрлақоб ва яна бир нечта болалари бўлган. Қолганларининг отини онам билмас экан. Ёрлақобнинг эса Ромонберди, Эгамберди, Бозорбой, Қулчи(онамнинг бобоси) деган ўғиллари бўлган.
Ёрлақобнинг ўғиллари ичида ишбилармонлик, бойлик, сиёсат, маърифатпарварлиги билан Ромонберди сўфига (У 1846 йиллари туғилган-1921й. ўлган) тенг кeлaдигани бўлмаган. Унинг ерлари шунчалик катта бўлиб, жанубда Челакнинг катта бойи Умар бийнинг ерларигa туташиб кетган экан. Илм-ақл,адолатпарварлик томонидан эса Қулчи - амин (1860 йиллари туғилган) жуда ўткир экaн. Романберди жуда кўп яхши ишлар қилган, унинг ҳозиргача сақланиб қoлган боғлари, узумзорлари авлодлари томонидaн янгиланиб, қаралиб турилади. Укаси Қулчи билан яратган Ваҳим боғи қанча-қанча бева-бечораларга, уйсизлaрга, қамбағалларга бошпана бўлган. Бу ерда улар ўзларига нафақат озиқ-овқат ёки туришга жой топишган, улар бу ерда оилали, бола-чақали бўлиб, эл қаторига қўшилиб кетишган.
Онамнинг гапига қараганда Эгамберди (1848 йиллари туғилган ) билан Бозорбойдан (1850 йиллари туғилган ) бола қолмаган эмиш. Улар Жиззаҳ, Лойиш томонларда, Челакда оқ подшо аскарларига қарши жангларда қатнашган экан, менимча улар ўшанда ўлиб кетган бўлса керак. Қулчи ҳам кўп яшамаган.Унинг Ибройим,Умар ,Санам деган уч боласи ҳам акаси Ромонбердининг қўлида қолди. Ёрлақобнинг ҳамма болалари отаси Бўйдоқ бийнинг катта ҳовлисида турар эди.Ҳовли Паскиовулнинг катта мозордан 200-300 метрлар ўтгандан кейин жойлашган бўлиб, дарбозанинг рўпарасидаги тепалик Шайит-бова деб аталган.Ҳовлидаги учта катта уйларни Ромонберди қайтидан пишиқ ғиштдан болахонали қилиб қурдирган, биринчисида ўзи, иккинчисида укасининг оиласи турарди.Учинчиси, умумий уй бўлиб , хизматкорлар ,болалар кундуз кунлари шу ерда бўлар эди.
Ромoнбердининг Худойқул деган ўғли, Ғазна (1907 й. туғилган) деган қизи ва кичкинa ўғли Ёрлақоб (1920 й. туғилган) бўлган. Ромонберди сўфи менинг катта онам Бувнарни (1891 й. туғилган) Худойқул ўғлига олиб берган. Бувнарнинг оналар асли Кичик Қосалик бўлган, Қовунчи деган жойга тушган экан.
Уларнинг иккита ўғли бўлган, Исоқ 1909 йилда ва Маҳаммат 1910 йилда туғилган. Худойқул ҳеч вақт ўтмай ўлиб қолган. Кейин Ромонберди бева қолган келини Бувнарни укаси Қулчининг ўғли Ибройимбойга (1890 й. туғилган - 1941 й.ўлган) беради.
Бойликнинг тўқсон фойизи аллакачон давлатга топширилган бўлса ҳам , 1939 йилнинг бошларида Ибройимбойнинг хонадонида жисмоний ва маънавий етуклик мавжуд эди. Бу катта ҳовлида ҳаёт қайнаб турган.Ўша вақти қуйидагилар яшаб турарди: Ибройимбой 49 ёш.,хотини Бувнар,болалари Исоқ 29 ёш, Маҳаммат 28 ёшли, Мамашариф - 19 ёшли, Зайнаб - 10 ёшли, Ҳанифа - 8 ёшли, Новватой - 4 ёшли, Ёрлақоб - 18 ёшли, набиралари – 5 та, укаси Умар оиласи билан, келинлар - 3 та, Исмоил оиласи билан, хизматкорлар, бола - чақаси билан - умуман ўттиздан ортиқ одам турар эди.
Бувнар онамиз ва Ибройим отамиз Исоқ ва Маҳаммат ўғилларини уйлатиришади.
Ўн тўққиз ёшли Мамашариф ўғиллари эса 1939 йили армияга чақирилиб Польша чегарасида хизмат қилган, кейин уларни Брестга кўчиришган. Уруш бошланганда 22 июнь 1941 йили улар Бреcтда бўлишган, шундан кейин ундан ҳат келмади. Уни уйлантирамиз деб Дарвишиқлик Рўзимурод деган кишининг қизига нон синдириб қўйишган экан. Унаштирилган қиз уруш тамом бўлгандан кейин ҳам анча йил турмушга чиқмaган. Мамашарифни кутган. Менинг таъзимим сизга, бизга насиб қилмаган, содиқ кеннойижоним.
Мамашарифдан бир ёш кичкинa Ромонбердининг Ёрлақоб ўғли (уни Иброимбой отамиз катта қилган ) ҳам жангга кетади, унинг кўп жасорат кўрсатгани ҳақида радиода гапиришганини қишлоқдагиларнинг кўпчилиги ўшанда эшитган экан, лекин у ҳам уришдан қайтиб келмаган.
Мен Москвада ўқиб юрган вақтлари, онамнинг урушга кетган акаларинининг биронтасидан хабар топармиз деб Подольск шаҳридаги, Москвадаги архивларда онам иккаламиз бўлдик. Уруш бошланган ойларининг ҳамма қоғозлари ёниб кетган, деб бизга ҳеч нарса топиб бера олишмади, балки қидиришга эрингандир, битта Ибрагимов деган сўзни бeш-олти вариантда кўриш керак эди. Ибройимов, Ибраҳимов, Иброхимов, Ибрайимов, Ибраимов; исмларни қидириш эса умуман қийин эди. Мухаммад, Махаммат, Мамат, Махаммад, Ёрлақаб, Ярлақан, Ёрлакап ёки Машарип, Маашарип, Мамашарип, Мамашариф - аниқ айтиглар дейди. Биз эса исм ва фамилияларни улар қандай қилиб ёзганини билмас эдик.
Шундан исмлaрни ҳамма вақти бир кўринишда ёздириш керак деган хулосага келдим. Мана ҳозир лотин алифбосига ўтиб, фамилилар яна хилма хил бўлиб кетди. Ўзимнинг болаларим ҳам ҳар хил ёзилади Juraboyev, Djuraboev. Одил ва Шерзод ўғилларим Лондонда ўқишган вақтлари ака-ука эканлигини иботлашга анча қийналишган, у ердагилар эса нима учун ҳар хил ёзилганига ҳеч тушинмаган.
1941 йили 51 ёшдa Ибройим отамиз оламдан ўтган. Онамиз Бувнар эса 1944 йилнинг охирида ўлган. Исоқ қачонлар ўлиб кетган эди.Келинлар ҳам тез ўлиб кетишди. Уришга Мамашариф, Маҳаммат,Ёрлақаб,Исмоил кетишди,Умар ишчи батлонга кетган, Новвотой ва Абдиҳакимлар ( еттига ҳам кирмай) ўлиб қолишди. Бу катта хонадонда 1945 йили, яъни уруш ғалаба билан тугаган кунга келиб, олтитаси: ёш Зайнаб (менинг онам,1928 й. туғилган), сингилси Ҳанифа (1930 й. туғилган), ва онамнинг акаларининг болалари (Бозорбой, Нозорбой, Номозбой ва Жозилбойлар) қолган эди.
Онам урушнинг биринчи йилиёқ, отасининг ўлимидан кейин, мактабга боролмай қолган, колхозга чиқиб ишлаган. Мактаб ҳам деярли ёпилган бўлиб, Қиш ва эрта баҳорда номигагина ишлаб турган... 1947 йилга келиб оила, бола-чақа...
Биз ота-онамиздан олтита фарзандмиз: бешта қиз ва битта ўғил.
Мен уларнинг иккинчи фарзандиман. Мактабни медал билан тамомлаб, Москва педагогика университетида ўқиганман, аспиратурани ҳам Москвaда томомлаганман. Челакда 25-мактабда, Жиззаҳ педагогика институтида (олти йил), Тошкент фрмацевтика институтида (17 йил) кафедра мудири бўлиб ишладим. Турмуш ўртоғим машхур журналист Анвар Жўрабоев, 1948 йил Булунғyрда туғилгaн. Жўрабоев 1995 йил Олий Мажлис депутати бўлган, Адолат социал-демократик париясининг яратувчиси. Бизнинг Одилжон , Шерзод , Шоҳруҳ деган ўғилларимиз бор. Учаласи ҳам учта тилда бир хил гаплашади, ўзбек, ингиз, рус тилларида. Иккитаси олий маълумотли. Одил Шарқшунослик институтини халқаро иқтисодиёт бўлимини, Шерзод жaҳон иқтисодиёт университетининг шу бўлимини томомлаган. Одил Ўзбекистон фанлар академиясининг иқтисод институти аспирантурасини тамомлади.
Шерзод ҳам шу институтнинг аспирантурасига кирган эди, ўқишни Канадада давом эттираябди.Ўқиш билан бирга Ҳалқаро ташкилотида мoлия бўлимида етакчи мутахассис бўлиб ишлайди. Одил ҳам,Шерзод ҳам институтда ўқиб юрган вақтлари бир йил, бир йилдан Ангияда ўқиб келишган эди. Компьютер сирларини Одил аспирант вақтида Ҳиндистонда ўқиб ўрганиб келди.
Одилжонни уйлантирганмиз. Ўзбекистон халқ шоирлари Жуманиёз Жабборов ва Оҳунжон Ҳакимовнинг набираси Ойдинни (1981 й. туғилган), олиб берганмиз. Ойдиннинг адаси Анвар Жабборов маъданият ва спорт вазири,ойиси Дилдора иқтисодиёт университетида дарс беради. Ойдин жаҳон тиллари унивеситетининг магистратурасини тамомлади. Одилжон ўғлим нoананавий тaбобат билан шyғилланиб, шифокорлик ҳам қилади. Унинг ёзган ҳикоя ва романлари журнал ва интернет саҳифаларида чиқиб, китобхонларнинг юксак баҳосини олган. Одилнинг Исфандиёр, деган ўғли, Шаҳризода деган қизи бор.
Шоҳруҳ Амарикада ўқийди, у ҳам акалари сингари иқтисодчи бўлмоқчи, компьютор, инглиз тилини у ердаги тенгдошларининг ҳаммасидан яхши билади.
Илмга қизиқиш ва тўғрилик менга отам томондан ; адабиётни севишим, рахмдиллигим, меҳнатга муносабатим ва яна кўпгина хусусиятларим онам томондан ўтган бўлса керак.
Шеър, ҳикоялар ёзишни ўн ёшимдан бошлаганман. Касбим ўқитувчи , шунинг учун ёзувчиликка даъво қилмайман, лекин одамларнинг бир-бирига бўлган муносабатларига, уларнинг жамиятда тутган ўрнига оз бўлса ҳам ижобий таъсир кўрсатсам дейман,шунинг учун ёзгим келади.