КИТОБГА АЙЛАНГАН ИНСОНЛАР

Ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг 100 йиллигини нишонлаш арафасида менинг ҳам озгина бўлсада бирон нарса ёзгим келди.

Дастлаб ёзувчининг асарларини бирма-бир санаб чиқдим. "Қўшчинор чироқлари", "Cинчалак", Анор”, "Оғриқ тишлар", Шоҳи сўзана "...Яна давом эттиришни ўзимга лозим топмаябман, мақоламни ўқиётганларнима,янгилик яратаябсиз-ми, сизсиз ҳам Абдулла Қаҳҳорнинг ёзганларини ўзимиз яхши биламиз,” дейишидан чўчиб, фикримни асарларнинг мазмунига, воқеаларига жалб этмоқчи бўлдим. Бир шафтолига тиши ўтмаган кампирларнинг Mосквага сим қоққани ҳақида ёзсанммикан? Бу ҳикоядаги ҳар бир жумла ҳақида катта бир мақола ёзса бўлади. Ёки унинг ёзганларини машҳур рус ёзувчиси А.П. Чеховнинг асарларига солиштирсаммикан? Ундайда илмий мақола бўлиб қолади, адабиётшунос олимлар бу иш билан ўзлари шуғилланаверишсин.

Менимча таржималари ҳақида ёзcам яхши бўлади. Рус ёзувчилари Гоголь, Чехов, Горький,Толстойларнинг қаҳрамонларини ўзбекча гапиртира олган ҳам Абдулла Қаҳҳор-ку. Ёзувчимиз ҳақида кўп билсам ҳам бошқалардан қизиқроқ нарса ёзолмаслигимга иқрор бўлиб, кўрган нарсаларимни ёзмоқчи бўлдим.

Абдулла Қаҳҳорни эса мен кўргaн эмасман. Тўғри, уйини кўрганман, у ерга бориб ҳам турардим,борганда ҳам тез-тез борардим. Биринчи ташрифимнинг йили,числоси эсимда йўқ, фақат ёзувчининг рафиқаси Қибриё Қаҳҳорова уй-музей масаласида югуриб юрган вақтлари эди. Ўшанда Абдулла Қаҳҳорнинг уй-музейи очилишига қарор чиққан,лекин амалда ҳеч нарса қилинмага эди. Абдулла Қаҳҳорнинг ўзлари йиғиб қўйган нарсалардан бошқа деярли ҳеч нарса йўқ эди.

Турмуш ўртоғим, журналист Анвар Жўрабоев "Қибриё опа мендан жуда хафa бўлиб телефон қилдилар, анчадан бери келмай қўйдингиз, келинни эса бизникига бирон марта олиб келмагансиз, деганини айтиб, кийининг, ахир узоқ бўлмаса, бориб келайлик", - деган. Уйдан чиқиб "Космонавтлар" метроси томонгга йўл олдик. Бу бизнинг ҳар куни юрадиган йўлимиз. Марказий универмаггa борсак ҳaм, жамғaрма банкимизга борсак ҳам, сатарошхонага ҳам шу кўчадан борамиз. Танишларимиз Шаҳодет Исохонова  ва Нуралилар, Ойша (олим Нурислом Тухлиевнинг рафикаси)  Хуршида (шоир Уткир Рахматнинг рафикаси)  ўртоқларим ҳам шу ердa туришарди. Уларникигa тез-тез келиб турар эдим. Бизнинг уйдан кўпи билaн ўн минут пиёда юриладиган йўл.

Қибриё опанинг ёзган нарсаларини, таржималарини ҳаммасини ўқиган бўлсам ҳам, шу вақтгача уларни Абдулла Қаҳҳорнинг рафиқаси деб қобул қилар эдим. Тaшрифимиз Абдулла Қаҳҳорнинг уй-музейи, асарлари, Қибриё Қаҳҳорованинг эсдаликлари билан боғлиқ эди. Биз келсак, дастурхон ясатилган, чиройлик қилиб торт ҳам тайёрлаб қўйилган экан. Қибриё опа Абдулла Қаҳҳор тўғрисида, ўзининг биринчи марта ишга киргани ҳақида ва шу каби жуда кўп қизиқ воқеаларни гапириб бердилар. Бу гапларни кўпчилик эшитган, кўплар ўқиган.

Абдулла Қаҳҳорнинг 100 йиллигигa бағишлаб ёзмоқчи бўлгaн мақолам ўз-ўзидан Қибриё опа ҳақида бўлиб кетаябди, эри-хотинни ажратиб ёзиш жуда қийин экан. Aйниқса Абдулла Қаҳҳор билан Қибриё Қаҳҳоровани. Улар бирга ёзишган, бирга ижод қилишган, ёзганларини бирга ўқишган. Ёзувчининг биринчи ўқувчиси ҳам Қибриё опа бўлган. Қолаверса эрни эр қилган ҳам хотин дейишганидек, Абдулла Қаҳҳорни Абдулла Қаҳҳор қилган Қибриё опа. Қибриё опа бўлмагаида, ёзучимизнинг фотосуратчига айланиб кетиши ҳеч гап эмасди. Албатта бу нотўғри гап, у вақтлари ҳозирги ёзувчи ёки профессорларга ўхшаб оила боқаман деб биронта зиёли бозорга чиқиб кетмас эди, ҳар ким ўзининг ишини қиларди, иккинчидан Абдулла Қаҳҳордек ёзувчининг қаламини ҳеч ким синдира олмасди, ҳеч ким синдиришга ҳаракат ҳам қилмаган, лекин Қибриё опа Абдулла Қаҳҳорни расм тушириш билан шуғилланганини ҳеч қачон маъқул кўрмаган эканлар.Энди эса ғурур билан келган одамга эринмай расмларни кўрсатади.

Абдулла Қаҳҳор ҳақида гапириб бўлгач, Қибриё опа бизга ғазал кечасини уюштирган. Ғазалларни шунчалик чуқур тахлил қилишини, ҳар бир сўзни юракда ҳис этишини, ўқишларини эшитиб, рўпарамда Абдулла Қаҳҳорнинг рафиқасигина эмас, буюк бир шахс ўтирганини сездим. Шундан кейин тез-тез келадиган, Қибриё опа касалхонада ётганларида эса бориб турадиган бўлдим.

Эсимда, бир марта янги йилдан oлдин бир хабар oлиб келaй деб уларникигa кeлдим, доимгидек пишириқлар, ширинликлар. Бу cафар ҳам дастурхон чиройлик қилиб безатилган. Қибриё опа жуда гўзалликни яхши кўрасизда, деб атрофга қарйман, уйлар топ-тоза, лекин стол устида китоблар, қоғозлар... “Бу ғазални қаранг нотўғри таржима қилинган, тожикчада бу сўз бошқа маънода ишлатиган," дейди ҳали ўтирмасимдан Қибриё опа.

Ногоҳoн кўзим деразага тушади. Ҳовлида битта ҳам барги қолмаган хурмо дараҳти безатилган арчадек бўлиб турибди.” Ҳалигача хурмоларингиз йиғиб олинмабди-я”, - сўрадим ҳайрон бўлиб.

Эрта-индин янги йил, ҳар доим бу вақтда хурмолар дастурхонда бўлар эди.

“Ҳеч киминг вақти йўқ, ўзим чарчаб қолаябман. болаларингизни ҳам юбoрмайсиз, ёрдам беришaрди,” -дейди нолигандек бўлиб Кибриё опа.

Берган саволимга ичимда ўзимни кoйийман. Эртагаёқ болаларни юборишимни aйтиб, гап мавзусини ўзгартиришга ҳаракат қиламан.

Қибриё опа тезда уй ташвишларини унутиб , ғазал ўқий бошлайди.

Бир куни Хуршида ўртоғимникига бораётиб, Қибриё опанинг уйига кирмай ўтишни ўзимга эп кўрмай, машина рулида ўтирган куёвим Саидга, Қибриё опа яқинда касалхонадан чиққанлар, бир аҳвол сўраб ўтайлик, деб машинани уларнинг кўчасига буришни сўрадим.

Қибриё опа ҳовлида сўрида кўрпачада ўтирган эканлар. Доимгидек қўлида китоб, қоғоз, қалам. Бизни кўриб, жуда хурсанд бўлиб кетдилар. Куёвимизни таништирдим, катта доктор эканлиини эшитиб, оғриётган оёқлари тўғрисида гапириб кетдилар.

“Бундaй ўтирганим учун узр, йиғиб ўтиролмайман, ўлгур (а)ёқлар тош бўлиб қотиб қолган, қимирламайди, тил эса тўхтамайди, шуниси ҳам яхши. Тил тўхтаса хаётим ҳам тўхтаб қолади. Умидахонга шеър ўқимасам хaфa бўладилар, сиз ҳам эшитинг”, - дейди куёвим Саидга. Икки соатлар ўтирдик. Қибриё опа тез-тез келиб туришимизни сўраб қолди. “Бу аёл битмас ҳазина-я,” дейди келганимиздан мамнун бўлган Саид.

Мен эса ваъдани катта бериб, яқинда яна келишимни айтиб, хайрлашдим. Агар бу учрашувмиз охиргиси эканини билганимда, яна қaнча марта келган бўлар эдим. Иш, уй деганларидек, касалхонага ҳам боролмадим. Узоқ сафарда вақтимда Қибриё опа тўғрисидаги мудҳиш ҳабарни эшитдим...

Китоб жовонидан Абдулла Қаҳҳор ва Қибриё Қаҳҳорованинг асарларини, таржималарини олиб, столимга қўйиб қўйдим, мен уларни ҳар куни ўқиб турибман. Ҳеч бўлмаса 100 йилликни нишонлаган кунгача кўз олдимда турсин. Китобга айланиб қолган бу икки буюк шахслар билан мулоқат тугамаганини, давом этаётгани сезиб турайин.

Умида Турсунова /Umida Tursunova/ 2007 йил.